ХИКОЯДАГИ БАРЧА РАСМЛАР СУНЬИЙ ИНТЕЛЕКТ ЁРДАМДА ТАЙЁРЛАНДИ.
"Умидсизлик поезди ёхуд 12-вагондаги қотиллик" ( 1Қисм)

Байрон Смит — МИ6 агенти, “Ноқонуний қурол савдоси ва молиялаштириш” бўлими раҳбари. Унинг асосий рақиби — 1970-йилларда машҳур бўлган йирик халқаро банк бошқарувчиси ҳамда қурол савдосини молиялаштирувчи махфий фонд раҳбари Джон Стоксдир. Улар ўртасида кескин зиддият мавжуд. Байрон Смит ўз вазифасига содиқ ходим сифатида анчадан бери Ж. Стокснинг шубҳали ишларини кузатиб, уни фош этишга ҳаракат қилиб келади.
1970-йиллар эди. “БриксБанк” халқаро молиявий фонди раҳбари Б. Бейтс “British Times” газетасига берган интервьюсида шундай деганди: “Фондимиз дунёнинг қайси бурчагида тинчлик учун курашувчилар бўлса, уларга кўмак беришга доим тайёр. Биз — дунёда барқарорлик тарафдоримиз”.
Аммо бу гаплар ҳақиқатнинг мутлақо тескариси эди. Британия разведка хизмати — МИ6 унинг ҳар бир қадамини аллақачон кузатувга олган, кирдикорларидан воқиф эди. Бироқ Бейтсни шунчаки ҳибсга олиш етарли эмасди. Разведкачиларга унинг ортида турган "занжирли бригада"нинг асл аъзолари, уларнинг исм-шарифи ва махфий маълумотлари керак эди. Бу — бутун бошли жиноий империяни таг-туги билан йўқ қилишнинг ягона йўли эди.
Кунлардан бир кун МИ6нинг махфий қароргоҳида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Байрон Смит ҳам иштирок этарди. Хонада қизғин тортишувлар, турли таклифлар ва мунозаралар тинмасди. Айниқса, агентлардан Девид Харди ва Метт Оливерлар кутилмаган, аммо жуда истиқболли таклифни илгари суришди.
Уларнинг режасига кўра, “БриксБанк” фондида ҳозирда иккита бўш иш ўрни мавжуд эди. Агар ушбу лавозимларга МИ6нинг ёш ва иқтидорли ходимларини "яширин ниқоб" (undercover) остида жойлаштириш имкони топилса, фонд ичидаги махфий ахборотларни қўлга киритиш анча осонлашарди
Бироқ, Байрон Смит бу операциянинг хавфи юқори эканлигини яхши тушунарди. У ушбу масалани МИ6нинг Катта Кенгаши кўриб чиқиши ва якуний қарор қабул қилиши лозимлигини қатъий таъкидлади.
Байрон Смит: — Сизларга айтганимдек, бу фонд масаласи ва сиз илгари сурган таклифларни Катта кенгаш кўриб чиқади. Бироқ, ҳозирнинг ўзида бир саволга жавоб беришингизни истайман: сиз ушбу фондга жойлаштириш учун икки нафар номзодни таклиф қиляпсиз. Хўш, улар кимлар? Уларни бизга таништира оласизми?
Агент Девид Харди: — Албатта. Бизда махсус тайёргарликдан ўтган, ўта иқтидорли икки нафар мутахассис бор. Уларнинг шахсий маълумотлари мана бу ҳужжатларда келтирилган.
Байрон Смит
Улар:
1. Кевин Маклин

2. Джон Баксли

Биз уларга тўлиқ ишонамиз. Сабаби, ўтган йили амалга оширилган ўта мураккаб ва йирик молиявий операцияда ўзларини кўрсата олишган. Ўшанда айнан шу йигитлар биз учун ҳаётий муҳим ҳужжатларни усталик билан қўлга киритишганди. Натижада, жиноятчиларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилишига эришилган эди.
Байрон Смит ҳужжатларни варақлар экан, нигоҳи Джон Бакслининг суратида тўхтади. У бу йигит ҳақидаги миш-мишларни эшитганди.
Байрон Смит: — Баксли... Демак, ўша машҳур "фикр ўқийдиган" йигит шуми? Айтишларича, у одамнинг кўзига қараб туриб, унинг кеча нима таом еганини ҳам айтиб бера оларкан.
Агент Девид Харди: — (жилмайиб) Деярли шундай, жаноб Смит. Джон одамнинг юз мушаклари ва кўз қарашидаги энг кичик ўзгаришларни ҳам илғайди. Бу қобилият "БриксБанк"даги ёлғончилар ва фирибгарларни фош қилишда бизга жуда асқатади. Улар пулларни қаерга яширишаётганини айтмасалар-да, Джон буни уларнинг нигоҳидан ўқиб олади.
Байрон Смит: — Яхши. Кевин Маклин эса унинг "сояси" бўлади. Бири инсон руҳиятини титкиласа, иккинчиси рақамлар ва ҳисоб-китоблар ортига беркитилган жиноятларни кавлаб чиқаради.
Байрон Смит: — Яхши.... буни катта кенгаш кўриб чиқсинчи. Аммо булар менга ёқиб қолишдида. Ишқилиб катта кенгаш кўриб, уларни қабул қилинглар деб ишни бошласак қолган ишларимиз тезлашардида. – деди хурсиниб.
Орадан икки кун ўтди. Байрон Смит Катта кенгаш ҳузурига Кевин Маклин ва Джон Бакслининг шахсий ҳужжатларини олиб кирди ва вазиятни қисқача тушунтирди.
Кадрга оид масалалар бўйича маслаҳатчи Адам Брукс ҳужжатларни варақлар экан, ҳаяжонини яшира олмади: — Оҳо! Сиз шундай ноёб истеъдодларни шу пайтгача қаерда яшириб юргандингиз? Жаноблар, мен ушбу масалани муҳокамасиз ёпишни ва бу икки йигитни зудлик билан агентликка қабул қилишингизни сўрайман!
Бироқ, Кенгаш аъзоси Брайн Адамс бироз шубҳа билан деди: — Агар иложи бўлса, эртага эрталаб уларни ҳузуримизга бошлаб келинг. Бир соатлик суҳбат ўтказиб, қобилиятларини ўз кўзимиз билан кўрсак, нима дейсизлар?
Таклиф маъқулланди. Эртаси куни Баксли ва Маклин Катта кенгашнинг бош залига таклиф қилинди. Брайн Адамс Джон Бакслининг анкетасига синчковлик билан тикилди-да, мийиғида кулиб савол берди: — Хўш, жаноб Баксли, айтинг-чи, мен кеча тушликда нима таом еган бўлишим мумкин?
Джон Баксли ўйланиб ўтирмади. Унинг нигоҳлари Адамснинг кийимидаги кичик деталлар ва юз ифодасидаги сояларга қадалди: — Биринчидан, сиз кеча рафиқангизнинг туғилган куни муносабати билан ресторан рўпарасидаги Эмма хонимнинг дўконидан турли хил атиргуллар сотиб олдингиз. Иккинчидан... мен сизга ҳамдардман, жаноб Адамс, рафиқангиз оғир хаста. Шунга қарамай, унинг кўнглини кўтариш учун ресторанга олиб борганингиз чин эркакка хос иш.
Адамснинг юзидаги табассум йўқолди. Баксли давом этди: — Таомга келсак, сиз аввал балиқ, сўнгра рафиқангиз учун "дич" (ёввойи қуш гўшти) буюрдингиз. Ичимлик сифатида эса 1920 йилда Италиянинг Турин вилоятида ишлаб чиқарилган энг нодир винолардан бирини танладингиз.
Залга сув қуйгандек жимжитлик чўкди. Брайн Адамс ҳайратдан қотиб қолди ва бўшашиб ўриндиғига ўтириб қолди. — Бу... буларни қандай... — деди у дудуқланиб. Сўнг кўзларида ёш йилтиради: — Жаноблар, мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, бу йигитни ҳеч қандай шубҳасиз ишга олган бўлардим. Ҳамма гапинг тўғри, йигитча...